radjab isroilovКамина ЎзР ССВ Республика патологик анатомия маркази (РПАМ) директори профессор Ражаббой Исраилов бўламан.

Айрим ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеоларга раддия билдираман, кўрсатилган видео тасвирлар ҳақиқатга ҳатто яқин ҳам эмас.

Биз, РПАМ врач-патологоанатомлари  28-март 2020 йил ЎзР СС Вазири А.К. Шадмановнинг кўрсатма хатида “Бемор ҳаёт пайтида вирусологик тестлар ёрдамида диагнози тасдиқланиб, коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган бўлса, бемор жасади ёрилмайди” деган кўрсатмаси асосида ва коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб вафот этган бемор жасадини хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, дафн этишга тайёргарлик кўриш ва ушбу маросимда майитнинг қариндош-уруғлари, яқинлари ҳамда маросим иштирокчилари ўртасида COVID-19 нинг тарқалиб кетишини олдини олиш учун ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик маркази билан биргаликда майитни дезинфекциялаш, ювиш, кафанлаш, целофан қопларга жойлаш ва махсус майит ташувчи автомашина (труповоз) билан қабристонга олиб бориб кўмиш ишларини амалга ошириб келмоқдамиз.

Сўнгги пайтларда ҳар куни ўнлаб коронавирусдан ўлганлар майити ва Хорижий давлатлардан чартер рейслари билан олиб келинган ватандошларимизнинг майитларига худди юқорида кўрсатилгандек ишлов берилиб, қабристонга олиб борилиб ёки коронавирус йўқ ҳолларда қариндош уруғлари иштирокида ўз маҳалла қабристонига олиб бориб кўмилмоқда. Марказ врачлари, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларимизга миннатдорчиликлар билдиришимиз керак, ҳар куни ўнлаб майитлар олиб келинганига қарамасдан, кечаси билан бўлсада барчасини тайёрлаб, ўз жойларига жўнатишмоқда. Ҳеч қачон Марказимиз биноси ташқарисида бирорта майит қолгани йўқ, чунки Марказ биносида ўлчамлари 10х6 м, яъни 60 м2 музхонамиз мавжуд, агар тўғри тартиб билан қўйилса 30 та майит сиғади. Шунинг учун, бизда майитлар ҳеч қачон ҳидланиб қолгани йўқ.

Хорижий давлатлардан чартер рейслари билан олиб келинган ватандошларимиз махсус яшиклар ва тобутларда олиб келинган, шу яшиклар биномизнинг орқа томони боғида вақтинчалик тахланиб қўйилган эди, минг афсуски фикри ёмон инсонлар бу ҳолатни бошқача талқин қилиб ижтимоий тармоқларга қўйибди. Ҳозирги кунда бу яшикларни йўқ қилиш мақсадида катта чуқур қазилиб, ҳар кунгисини ҳар куни бу чуқурда ёқиб йўқ қилинаяпти.

Ижтимоий тармоқларда кўрсатилган расмлардаги Марказ дарвозаси олдида вафот этганларнинг қариндош-уруғлари (ҳар бир майитнинг орқасидан 4-5 нафар, баъзан эса ундан ҳам кўп) тўпланиши табиий ҳол, чунки ҳар бир майитнинг навбат билан тайёрлаб беришимизда, ҳар бирига ўртача 1-1,5 соат вақт кетади, шунинг учун навбат кутишга мажбур бўлишмоқда.

Профессор Р. Исраилов              

2 thoughts on “Ижтимоий тармоқлардаги фикрларга раддия”

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan